Мисрда миграция мақоми текширувлари кучайтирилгани ҳақида ўзбекистонликларга огоҳлантириш берилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси Мисрда, жумладан, чет эл фуқаролари ва талабаларга нисбатан миграция назорати кучайтирилгани ҳақида маълум қилди.
Шу муносабат билан, айниқса Наср-Сити туманида, фуқароларнинг мамлакат ҳудудида қонуний бўлиши юзасидан текширувлар кучайгани таъкидланди. Элчихона вакиллари ушбу масалада маҳаллий полиция бўлинмалари билан музокаралар ўтказди.
13 май ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг беш нафар фуқароси миграция қоидаларини бузганликда гумон қилиниб, ушлаб қолинган.
Улардан бири элчихона ходимларининг аралашуви ва ташриф мақсадининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганидан сўнг озод этилган. Қолган фуқаролар юзасидан эса Миср қонунчилигига мувофиқ ҳуқуқий баҳо берилиб, тегишли қарор қабул қилинади.
Бундай ҳолатларда тезкор чора кўриш ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида, элчихона қуйидаги телефон рақамлари орқали зудлик билан маълум қилишни сўрайди: +20233364516, +20233361723. Telegram-канал: @shtabegypt
Мисрда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига турмуш тарзига оид қоидаларга қатъий риоя қилиш, ўзлари билан доим шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, амалдаги иқома ёки талабалик гувоҳномаси (студентлик билети)ни олиб юриш тавсия этилади.